Оқ гуруч
СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ

Оқ гуруч зарарлими?

Йўқ, зарарли эмас. Аммо оқ гуруч истеъмолида ҳам меъёр муҳим. Меъёрдан ошса, организмда витамин ва минераллар танқислиги юзага келиши мумкин.

Қуйида Доктор Р.Нагелнинг тавсияларини кўриб чиқамиз.

Жигарранг гуручга тўғри ишлов берилмасдан пиширилса ва истеъмол қилинса, бундай гуруч организмдан керакли минералларни ювиб чиқариши аниқланган. Бу жигарранг гуручда мавжуд бўлган катта миқдордаги фитин кислотаси ва бошқа анти-озуқавий моддалар ҳисобига содир бўлади. Бундай анти-озуқавий моддалар деярли барча дон маҳсулотлари, ёнғоқ ва уруғларда мавжуд. Уларни истеъмол қилишдан олдин анти-озуқавий моддаларни нейтраллаш, камайтириш ёки иложи бўрича бутунлай йўқ қилиш керак бўлади. Бунга ивитиш, ундириш ва ферментлаш орқали эришилади.

Олдинги замонда дон-дунлар йиғилгунча очиқ ҳавода бир неча кун қолиб кетган. Орада ёмғир ёғиб, донларни нам қилиб, қуёш чиқиб яна қуритган. Ҳосил ўриб бўлингач, сақлаш учун йиғилган. Сўнгра, дон-дун истеъмол қилинишидан олдин узоқ ферментланиш жараёнидан ўтказилган. Баъзи таомлар 1 14 кунгача ҳам ферментланган.

Жигарранг гуручни узоқ ивитиб, бироз ундириб, ферментлаб, сўнг истеъмол қилиш узоқ жараёндек кўриниши мумкин. Аслида ҳам шундай, аммо бу дон-дунларга энг тўгри ишлов бериш йўли ҳисобланади.

Оқ гуручда фитин кислотаси ва бошқа анти-озуқавий моддалар миқдори жуда кам. Тўғри, оқ гуручда фойдали моддалар ҳам кўп эмас. Оқ гуруч асосан крахмалдан ташкил топган. Аммо нотўғри ишлов берилган жигарранг гуруч ҳам организмни бойитмайди, аксинча организмдан «ўгирлайди», натижада организмда витамин-минерал танқислиги юзага келади. Бу эса тишларнинг бузилишига ва бошқа муаммоларга олиб келади.

Демак, жигарранг гуруч ўрнига оқ гуручни меъёрда ва озуқага бой маҳсулотлар билан бирга истеъмол қилиш яхшироқ ҳисобланади. Асосийси, гуруч миқдорини кўпайтириб юбормаслик.

Оқ гуруч организмда витамин ва минерал танқислигини юзага келтирадими?

Овқатланиш тарзида оқ гуруч катта қисмни эгалласа, B1 (тиамин) витамини дефицитини вужудга келиши мумкин. Шу сабабли, оқ гуручни озуқага бой маҳсулотлар билан бирга ва кам миқдорда истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Оқ гуруч энергия манбаи ҳисобланиб, осон ҳазм бўлади. Аммо оқ гуруч овқатланиш тарзида катта миқдорни ташкил қилса, организмда бошқа минераллар танқислиги ҳам юзага келиши мумкин. Бунга сабаб оқ гуруч витамин ва минералларга бой эмаслигидадир. Бу ўз навбатида бошқа муаммоларга олиб келиши мумкин (тиш кариеси, суяк муаммолари, органлар ҳасталаниши ва бошқалар).

Оқ гуручда маргимуш миқдори қанча?

Гуручда маргимуш бўлиши мумкинлиги сабаблари бир нечта: ер сифати, гуруч экишдан олдин ерга маргимушли пеститсид сепилгани ва бошқалар. Гуруч эса ердан моддаларни шимиб олиш ҳусусиятига эга.

Маргимуш одатда гуручнинг қобиғида кўп бўлади. Шу сабабли, жигарранг гуручда маргимуш миқдори оқ гуручга нисбатан бир неча баравар кўп бўлади. Оқ гуручнинг ташқи қобиғи олиб ташлангани сабабли, бу миқдор нисбатан камроқ бўиши мумкин.

Гуруч ҳарид қилаётганингизда унинг қаерда ўстирилганига ҳам аҳамият бериш тавсия қилинади. Органик ёки био оқ гуруч танлаганингиз ҳавфсизроқ ҳисобланади.

Гуручни нималар билан бирга истеъмол қилиш фойдали?

Доктор Р.Нагел гуручда мавжуд бўлиши мумкин бўлган баъзи токсинларни нейтраллаш учун гуручни витамин C га бой маҳсулотлар, ёғда эрувчи витаминларга бой озуқалар, денгиз маҳсулотлари, нордон мева, сабзавотлар ва/ёки гўшт билан бирга истеъмол қилишни тавсия қилади. Гуручни пишираётганда сув ўрнига суяк шўрваси қўшиш ва уни фойдали ёғлар билан бойитиш пишган гуручнинг озуқавий қийматини анча оширади.

Гуручни шакар билан истеъмол қилиш тавсия қилинмайди.

Демак, оқ гуручни қуйидаги маҳсулотлар билан бирга истеъмол қилиш фойдали ҳисобланади:

  • Витамин C га бой маҳсулотлар: лимонли салат, нордон мевалар, кўкатлар, сабзавотлар ва бошқалар.
  • Ёғда эрувчи витаминларга (А, D, E, К) бой озуқалар: сариқ сарёғ, тухум сариғи, жигар ва бошқалар.
  • Денгиз маҳсулотлари: балиқ, балиқ жигари, балиқ жигари ёғи.
  • Яйловда боқилган ҳайвон гўшти ва органлари.
  • Фойдали ёғлар: иситилмаган зайтун ёғи, иситилмаган зиғир ёғи, ёнғоқ ёғи, тухум сариғи, авокадо, кокос ёғи, сарёғ, суяк илиги, думба ва бошқалар.

Хулоса қисмида шуни айтиш керакки, доктор ва стоматолог Рамиел Нагел оқ гуручни истеъмол қилишга ундамайди, аммо оқ гуручни жигарранг гуручдан афзал деб ҳисоблайди. Бунда у оқ гуручни албатта бошқа озуқаларга ва фойдали ёғларга бой маҳсулотлар билан бирга истеъмол қилишни қаттиқ тавсия қилади.

Муаллиф: Ферузабегим
Манба: Uzshifo.info

(Visited 298 times, 1 visits today)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.