салқин ичимликлар
СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ

Табиий салқин ичимликлар рецепти

Гилос ва творогдан… Яқинларингизга манзур бўлади!

gilos bilan tvorog

Зарур масаллиқлар:

  • 100 гр. сариёғ,
  • ярим стакан шакар,
  • 1 дона тухум,
  • кераклича ун;

Суфле учун:

  • 300 гр. ёғсиз творог,
  • ярим стакан шакар,
  • 200 гр. қаймоқ,
  • 2 ош қошиқ желатин,
  • 1-2 томчи таъм берувчи банан эссенцияси;

Безак учун:

  • гилос.

Тайёрланиши:

  1. Хона ҳароратида эриган сариёғни шакар, тухум ва кераклича ун билан аралаштириб, юмшоқ хамир тайёрланг. 10 дақиқа тиндиринг-да, бармоқларингиз ёрдамида газ печи патнисига ёйинг. Сўнг 180 даражада қиздирилган газ печига қўйинг. Чизкейк коржи 15-20 дақиқада тайёр бўлади.
  2. Желатинга 8 ош қошиқ совуқ сув солиб, шишиб чиқиши учун қолдиринг. Қаймоққа шакарни оз-оздан қўшиб, миксер ёрдамида кўпиртиринг. Сўнг творогни қўшинг. Кўтарилган желатинни сув буғи ҳаммомида эритиб, қаймоқли масаллиққа аралаштиринг. Таъм берувчи эссенция қўшиш ҳам ёдингиздан кўтарилмасин.
  3. Совиган чизкейк коржи устига данагидан ажратилган гилосларни териб, қаймоқли масаллиққини солинг-да, текисланг ва 15 дақиқага музлатгичга қўйинг. Сўнг қолган гилос билан чизкейкнинг устига безак беринг.

Тайёрланиш вақти:

  • 30 дақиқа.

Ҳандалак + музқаймоқ. Бунисига нима дейсиз?!

Зарур масаллиқлар:

  • Битта кичик ҳандалак,
  • 200 гр. сув,
  • 1 стакан шакар,
  • 300 гр. қаймоқли музқаймоқ,
  • бир чимдим лимон кислотаси кукуни.

Тайёрланиши:

  1. Ҳандалакни иккига бўлиб, қошиқ ёрдамида ярим доира шаклини ҳосил қилиб, мағзини ажратиб олинг.
  2. Шакарга сувни аралаштириб, лимон кислотаси кукунини солинг ва оловга қўйинг. Қайнаб чиққач, оловни пасайтиринг-да, қуюлгунича қайнатинг.
  3. Чуқурроқ идишга ҳандалак мағзини солиб, устидан қиём қуйинг-да, енгил аралаштиринг. Сўнг µандалак бўлакларини десерт идишларига тақсимлаб, устидан 1-2 ош қошиқ музқаймоқ солиб, безак беринг. Музқаймоқ солганингиздан сўнг 15 дақиқа музлатгичда туриши керак.

Тайёрланиш вақти:

  • 20 дақиқа.

Малинали суфле. Оғизда эрийди!

malinali sulfi

Зарур масаллиқлар:

  • 6 дона тухум,
  • 1 стакандан шакар ва ун,
  • 200 гр. малина меваси;

Безак учун:

  • 200 гр. қаймоқ,
  • 1 стакан шакар.

Тайёрланиши:

  1. Тухум оқини сариғидан ажратиб, миксер ёрдамида кўпиртиринг. Сўнг шакарни оз-оздан қўшиб, кўпиртиришда давом этинг. Тухум сариғини ҳам солиб, енгил аралаштиринг. Якунида унни аралаштириб, малинанинг бир қисмини соласиз.
  2. Кекс қолипчаларига 2 ош қошиқдан хамирни солиб, 170 даражада қиздирилган газ печига қўйинг.
  3. Крем тайёрлаш учун қаймоққа шакарни қўшиб, миксер ёрдамида кўпиртиринг.
  4. Кексчалар пишгач, совутинг. Сўнг ҳар бирининг юзасига кремдан суртиб, қолган малина меваси билан безак беринг.

Тайёрланиш вақти:

  • 30 дақиқа.

Олмали фантазия. Ён дафтарингизга ёзиб олинг!

Зарур масаллиқлар:

  • 3-4 та олма,
  • 150 гр. қўнғир рангли шакар,
  • 2-3 та ялпиз барги,

Безак учун:

  • қаймоқли музқаймоқ,
  • 100 гр. майдаланган ёнғоқ.

Тайёрланиши:

  1. Олмаларни пўстидан арчиб, майда тўртбурчак шаклида тўғранг. Қуруқ товага тўғралган меваларни солиб, оловга қўйинг. Шарбати ажралгач, оловни пасайтиринг.
  2. Алоҳида товада шакарни эритинг. Қиёми ажралгач, олма бўлаклари солинган товага қўшасиз-да, енгил аралаштирасиз. 5-10 дақиқадан сўнг оловдан олиш мумкин.
  3. Десерт тайёр бўлгач, ликопчага пишириқ учун мўлжалланган кичик қолипни қўйиб, ичига 2 ош қошиқдан қиёмли олма солинг. Қолипни аста олганингизда мева шакли юмалоқ кўринишга келади. Сўнг устидан музқаймоқни қўйиб, музлатгичга қўйинг. Дастурхонга тортишда музқаймоқ устидан майдаланган ёнғоқ бўлакларидан сепинг.

Тайёрланиш вақти:

  • 30 дақиқа.

Мевали смузи. Ҳам мазали, ҳам фойдали!

mevali smuzi

Зарур масаллиқлар:

  • 1 стакан малина,
  • 4-5 та олма,
  • 2 дона киви,
  • битта апельсин,
  • ярим стакан суюқ асал.

Тайёрланиши:

  1. Блендерга малина, пўсти арчилган олма, киви ва апельсин бўлакларини солиб, бир хил кўринишга келтиринг. Аралашмани алоҳида идишга олиб, асал қўшинг.
  2. Мазаси яхшиланиши учун 20 дақиқага музлатгичга қўйинг.
  3. Дастурхонга тортишда мевали мюслини десерт идишларига соласиз-да, ялпиз барги ёки апельсин бўлаклари билан безатишингиз мумкин.

Тайёрланиш вақти:

  • 15 дақиқа.

Хуштаъм шарбат. Чанқоғингизни қондиринг!

Зарур масаллиқлар:

  • 1 кг. олма,
  • 0,5-1 стакан шакар,
  • ярим чой қошиқ лимон кислотаси кукуни,
  • бир чимдим долчин кукуни.

Тайёрланиши:

  1. Олмаларни арчиб, бўлакларга ажратинг. Сўнг шарбатсиққич ёрдамида шарбатини чиқаринг.
  2. Чуқурроқ идишга олма шарбати ва 1 литр совуқ сувни солиб, оловга қўйинг. Қайнаб чиққач, таъбга кўра шакар, лимон кислотаси ва долчин кукуни солиб, 15 дақиқа қайнатинг.
  3. Шарбат бироз илигач, алоҳида идишга олиб, музлатгичга қўйинг. Мазкур шарбат музлатилган ҳолатда истеъмол қилинади.

Тайёрланиши:

  • 20 дақиқа.

Манба: «Даракчи» газетаси.

(Visited 184 times, 1 visits today)