Стоматит
МАҚОЛАЛАР

Стоматитни уй шароитида бартараф қилиш усуллари

Стоматит – оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг яллиғланиши, яъни оғиз еликиши ҳам дейилади. Бу хасталик мустақил касаллик ҳолида кечиши ҳам, бошқа дардларнинг(қизамиқ, қизилча, грипп, кандидоз) белгиси ҳам бўлиши ҳам мумкин.

stomatitni davolash

У моддалар алмашинуви касалликлари (авитаминоз – витаминлар етишмовчилиги, қандли диабет) асаб ва ички аъзолар касалликлари, витамин етишмовчилиги, ички секресия безлари фаолиятининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади. Чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, жуда иссиқ ёки совуқ, нордон, шўр овқатлар ейиш ҳам стоматитга сабаб бўлиши мумкин. Айрим дориларга нисбатан сезувчанлик ортганда хусусан, пала-партиш антибиотикларни ичиб ўз-ўзини даволаганда, балоғатга етиш даврида, ақл тиши чиқиши қийинлашганда ҳам стоматит рўй беради.

Ушбу касалликнинг шакли ҳар хил бўлишига қарамай уларнинг умумий ўхшаш белгиси бор. Яъни, бу хасталикда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати қизаради. Унинг атрофидаги тўқималар шишади, жағ ости лимфа тугунлари катталашади. Хасталик ўткир ва сурункали кечади.

Стоматитнинг катарал, ярали некротик, афтоз хиллари фарқланади. Айрим дори моддаларининг ёқмаслиги оқибатида, кимёвий моддалар таъсирида медикаментоз стоматит, оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг ўткир кечувчи, касалланган тишлар ёки тиш протезидан жароҳатланиш натижасида травматик стоматит пайдо бўлади. Травматик стоматитнинг Беднар афтаси (чақалоқлар афтаси) шакли гўдакларда кузатилади. Стоматитнинг олдини олиш учун оғриган тишларни ва организмнинг умумий касалликларини ўз вақтида даволаш, шиллиқ қаватнинг яллиғланишига сабабчи бўладиган омилларни бартараф этиш зарур.

Қуйида стоматитнинг тузалишига ёрдам берадиган уй шароитидаги баъзи усуллар билан танишишингиз мумкин.

Чой халтачалари

Қора чой бириктирадиган тери ошловчи моддаларга эга, улар яраларга тинчлантирувчи таъсир ўтказади. Мойчечакли чой ҳам ярали ҳудудни оғриқсизлантиришга ёрдам беради. Бунинг учун чой халтачасини ҳўллаб, уни 10 дақиқага ярага қўйиб туринг.

Асал

Асал қадимдан ўзининг бактерия ва замбуруғларга қарши хусусиятлари билан машҳур. Асалнинг даволовчи хусусиятлари шунчалик кўпки, ушбу ширинликнинг маълум турлари яра ва жароҳатларни даволашда ҳам қўлланилади.

Алоэ

Агар уйингизда тувакда алоэ ўстирсангиз, унинг битта баргини кесиб олиб, шарбатини сувга қўшинг ва ушбу аралашма билан оғзингизни чайинг. Бу ўсимлик табиий антибактериал ва шамоллашга қарши восита бўлиб, у билан оғизни чайиш орқали ярани тозалаш ва оғриқни йўқ қилиш мумкин. Бундан ташқари, алоэ B, C гуруҳидаги витаминлар ва аминокислоталарга бой.

Бошқа тиш пастасидан фойдаланиб кўринг

Стоматит пайдо бўлганида шифокорлар тиш пастасини натрий лаурилсулфати — кўпик ҳосил қилувчи модда бўлмаган бошқасига алмаштиришни тавсия этади, айнан у яра юзага келишига сабабчи бўлиши мумкин.

Тузли эритма

Тузли эритма билан оғизни чайиш яра битиши жараёнини тезлаштиришга ёрдам беради. Туз — юмшоқ антисептик воситадир.

 

Хулоса қилиб айтганда «Касалликни даволагандан кўра уни олдини олган яхши» дейди доно халқимиз. Оғиз бўшлиғи касалликларининг олдини олишда беморлар нафақат шахсий гигиенага жиддий эътибор беришлари зарур, балки шифокор-стоматолог кўригидан тез-тез ўтиб, унинг маслаҳатларига ҳам амал қилишлари керак.

!Юқорида келтирилган ёрдамчи усуллардан фақат катталаргина, қарши кўрсатмалар мавжуд бўлмаган ҳоллардагина фойдаланишлари мумкин!Стоматит тез-тез пайдо бўлса шифокорга мурожаат қилинг!

(Visited 622 times, 1 visits today)