Қандоқларни йўқотиш
ТАБИИЙ МАСЛАҲАТЛАР

Қандоқларни йўқотишнинг табиий усуллари

Қадоқ кишида нохуш кайфият уйғотиш билан бирга, оғриқ ҳам беради. Агар қадоқ ёриқлари орасига микроб тушса борми, баъзи тери касалликлари келиб чиқиши ҳеч гап эмас. Одатда қадоқ тор пойабзал кийилиб, оёққа ортиқча босим тушиши туфайли товонда, жисмоний меҳнатда терининг иш­қаланиши натижасида кафтда, бармоқлар орасида ёки терининг бошқа бирор жойида пайдо бўлади.

Қандоқларни йўқотиш

Уй шароитида қадоқни кетказишнинг кўплаб синалган усуллари мавжуд. Шулардан бири қуйидагича амалга оширилади: қадоқли жой иссиқ сувда юмшатилиб, сўнг майин сочиқ билан артиб қуритилади. Бир бўлак лимон қадоқли жойга боғлаб қўйилади. Агар мазкур муолажани бир ҳафта давомида қилинса, қадоқдан батамом қутилиш мумкин.

Яна бир оддий муолажа: 1 дона пиёз пўчоғидан тозаланади ва иккига бўлиниб, стаканга солинади, устига сирка қуйиб, бир кунга илиқроқ жойда қолдирилади. Сўнгра пиёзни сиркадан олиниб, бир қаватини қадоқ устига қўйиб устидан латта билан боғланади. Бундай муолажани кунига 2 маҳал – эрталаб ва кечқурун қилинса, қадоқдан осонлик билан қутилиш мумкин.

Қадоқни игнабаргли дарахтларнинг елими билан ҳам йўқотиш мумкин. Бунинг учун 1-2 кун бирорта игнабаргли дарахтнинг янги елими қадоқларга суртилиб, маҳкам боғлаб қўйилади. Боғламани ҳар куни алмаштириб турилади. Муолажа осон кечиши учун қадоқни иссиқ сувда юмшатиб олиш керак.

Маълумки, баъзида товон дағаллашиб, ёрилиб азоб бериши мумкин. Бундай пайтда қуйидаги муолажа жонга оро киради: ҳар куни кечки пайт ичимлик содали илиқ сувга оёқни солиб ўтирилади. ҳафтасига 1-2 марта товоннинг ёрилган жойига картошка пўчоғи ҳамда зиғир уруғидан тайёрланган суртма суртилади. Суртма қу­йидагича тайёрланади: картошка пўчоқлари обдон ювилади, бир қисм зиғир уруғи билан аралаштириб, озроқ сув қуйиб бўтқа ҳолига келгунича қайнатилади. Сўнгра илиқ бўтқасимон мал­ҳамга оёқларни солиб, 15-20 дақиқа кутилади. Сўнгра оёқни илиқ сув билан яхшилаб ювиб, оёққа суртмани суртилади.

Эски қадоқларни кетказишда новокаиннинг 0,5% ли эритмасидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунинг учун мато бўлакчасини новокаин эритмасига шимдириб, қадоққа 12 соатга боғлаб қўйилади. Эрталаб мато бўлакчасини қадоқ устидан олинади. Агар қадоқ ва унинг ёнидаги тўқима оқ ҳошияли тусга киган бўлса, муолажа ижобий таъсир кўрсатган бўлади. Шундан сўнг икки кун оралатиб учинчи куни мазкур муолажа яна такрорланади. Муолажани 9 марта бажариш лозим.

Дағал қадоқларни ғалвиртош билан ҳам кетказилади. Бунинг учун қадоқли оёқлар содали илиқ сувда юмшатилади, сўнгра ғалвиртош билан авайлаб ишқаланади. Шунда қадоқ кетиб, тери юмшайди.

Ўқишинг учун тавсия қиламиз: Организмни тозалаш қандай амалга оширилади?

Манба: Tib.uz

(Visited 49 times, 1 visits today)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *