гиёҳли чойлар
ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАР

Чақалоққа гиёҳли чойларни ичириш мумкинми?

Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тавсияларига кўра кўкрак сути балан парваришланаётган болалар 6 ойлик бўлгунларича уларга сув ичирмаса ҳам бўлади. Чунки барча керакли суюқликни гўдак она сутидан олади. Сунъий аралашмалар бериб боқилаётган болага овқатланишлар оралиғида 20 30 миллилитр (бир ошқошиқ) сув бериш мумкин.

Чақалоққа қанча сув ичириш керак?

Кўпчилик оналар «Чақалоққа қанча сув ичириш керак?» деб сўрашади. Айтиш жоизки, бунда гўдак организмининг сувга эҳтиёжи ҳам ҳисобга олинади. Демак, соғлом гўдакка сувни мажбурлаб ичириш керак эмас. Ўзи қанча ҳоҳласа шунча ичсин, лекин меъёрдан ошмасин. Овқатлантириш ўрнига сув бериш ҳам нотўғри. Бола очлик ва чанқоқ ҳиссини адаштирмаслиги лозим.

Иссиқ кунларда болага сувни фақат овқатлантиришлар оралиғида, яъни кун давомида бир ойлик чақалоқларга 60 миллилитр (уч қошиқ)дан, 3 ойликкача бўлганларига 60 130 миллилитр (3 6 ошқошиқ)дан, ярим ёшгача 130 180 миллилитр (6 12 ошқошиқ)дан, 6 ойликдан 1 ёшгача 260 миллилитр (1 стакан)дан кўп сув бермаслик керак. Болага бериладиган сув тоза, узоқ туриб қолмаган, газсиз бўлиши керак.

Бола саломатлигида айрим муаммолар бўлганида педиатр билан маслаҳатлашган ҳолда унга гиёҳли чойлар ичириш ҳам мумкин. Бунда боланинг ёшига боғлиқ кўрсатмаларга амал қилиш лозим.

Гиёҳли чойлар ичириш

Гиёҳли чойларни ичиришни оз-оздан бошлаб, миқдори секин-аста кўпайтирилади. Умуман, болаларга дуч келган гиёҳли чой ичиришдан аввал шифокор билан маслаҳатлашган маъқул.

Боланинг ичи қотганда ва қорни дам бўлганда мойчечакли чой ичириш ёрдам беради. Бунинг учун мойчечак гулларининг бир ошқошиғи устидан бир стакан қайноқ сув қуйилади ва устига қопқоқ ёпиб 1,5 соатга қолдирилади. Сўнг докадан сузиб ўтказилиб, болага кунига 3 4 маҳал овқатлантиришдан олдин бир ошқошиқдан ичирилади.

Ичак санчиғида ва иштаҳа бузилганида арпабодиён (фенхел) дамламаси ёрдам беради. Бу ичимлик арпабодиён уруғларидан тайёрланади. Бир ошқошиқ арпабодиён уруғи устидан бир стакан қайноқ сув қуйиб икки соатга дамлаб қўйилади. Дамлама докадан сузиб ўтказилгач бир ойликдан ошган гўдакка илиқ ҳолида овқатлантиришлар оралиғида кунига 3 4 маҳал бир десерт қошиқчасида берилади. Арпабодиён овқат ҳазм бўлишини яхшилайди, ошқозон шираси ажралишини рағбатлантиради, ичак перисталтикасини кучайтиради. Бу эса овқат яхши ҳазм бўлиши ва сўрилишини таминлайди. Ўсимлик таркибидаги моддалар газ йиғилишининг олдини олиб, уларнинг ичакдан тезда ўтиб кетишига шароит яратади.

Жўка (липа) ли чой шамоллаш, яллиғланишга қарши ва сийдик ҳайдовчи таъсирга эга. Бундай чой тайёрлаш учун липа гулларининг бир чойқошиғи устидан бир стакан қайноқ сув қуйилиб, ярим соатга дамлаб қўйилади. Сўнг докадан ўтказилиб, илиқ ҳолида 4 ойликдан ошган болага кунига бир неча маҳал таклиф этилади.

Чаканда (облепиха) ли чой авитаминоз ва анемиянинг олдини олади, яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади. Бундай чойни тайёрлаш учун чаканданинг қуритилган меваларини бир чойқошиғининг устидан бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир ярим соатга дамлаб қўйиш керак. Сўнг докадан сузиб ўтказиб, илиқ ҳолида 5 ойликдан ошган болага овқатлантиришлар оралиғида бир ошқошиқдан ичирилади.

Иссиқ кунларда гўдак етарли миқдордаги суюқликни қабул қилмаса, унинг организмида – сувсизланиш юзага келиши мумкин. Организм сувсизланганида гўдак ланж бўлиб қолади, йиғлашга ҳам мадори бўлмайди. Бундай вақтда болада пешоб миқдорининг камайиши, лаблари қуриши, лиқилдоғи чўкиши, тери бужмайиши, уйқучанлик, қўл ва оёқларнинг совиб, оқариши, пульс (томир уриши) сусайиши, кўзлар ич-ичига ботиши каби ҳолатлар рўй беради. Шу сингари белгилар кузатилганда болага дарҳол сув ичириш керак.

Организм сувсизланганда шифокор кўриги ҳам зарур. Гўдакка бирданига кўп суюқлик бера кўрманг, акс ҳолда бу унинг буйракларига зиён етказиши мумкин. Айниқса иссиқ ёз ойларида кичкинтойингизни сувсизланиб қолишидан эҳтиётланг.

Райҳон МУДАРИСОВА, педиатр.
«Сиҳат-саломатлик» журнали.

(Visited 158 times, 1 visits today)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *