enurez peshob tuta olmaslik
ТАБИИЙ РEЦЕПТЛАР

Энурез (пешоб тута олмаслик) касаллигини даволаш

Энурез — пешоб тута олмаслик.
Аҳоли ўртасида, кўпроқ ёш болалар ҳаётида учрайдиган энурез касаллиги пешоб чиқариш билан боғлиқ бўлиб, у бир нечта касалликларга боғлиқ ҳолда учрайди. Боланинг уйқу орасида ихтиёрсиз пешоб қилиб қўйиши энурез касаллигининг клиник белгисидир. Сийдик ажратиш тизими норасоликлари қулоқ, томоқ, бурун тизими, гижжа, авитаминоз, ўта толиқиш, невроз касалликлари билан боғлиқ. Бола руҳиятидаги ҳар қандай салбий таъсир оқибатида ҳам энурез кузатилиши аниқланган.

Энурезга ташхис қўйиш ва даволашда бемор шикояти, пешоб таҳлили, буйрак ва пешоб йўллари ултратовуш текшируви, микцияли систоуретраграмма, систоскопия текширув усулларидан фойдаланилади.

Касалликни даволашда, албатта, урологга, невропатологга мурожаат этиб, зарурий муолажаларни ўз вақтида олиш касалликни бартараф этишда катта аҳамиятга эга бўлади.

Энурез (пешоб тута олмаслик) касаллигини табиий усулда бартараф қилиш учун табиий ресептлар

Зангори маймунжон мевасидан бир ош қошиғига бир ош қошиқ черника меваси қўшилади. Устига ярим литр сув қуйиб, паст оловда 20 дақиқа қайнатилади ва ярим соат ўраб, дамлаб қўйилади. Кунига тўрт маҳал бир стакандан ичилади.
Жийда мевасининг қайнатмасидан кунига уч маҳал 100 граммдан 5 кун ичилса, энурезга яхши фойда қилади.
2 боғ исириққа бир челак сув қуйиб, 25 дақиқа мил-миль қайнатилади. Кейин тоғорага қуйиб, шу сувга 30 дақиқа ўтирилади. Ушбу муолажа 20 кун давомида уйқуга ётишдан олдин қайтарилиши лозим. Исириқли сувдан кейин бошқа сувда чўмильмаслик керак.
Эчки ёғи қовуғи бўш боланинг остидан тутатилса, қовуқни мустаҳкамлайди.
Укроп уруғидан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 2 3 соат дамлаб қўйилади. Тайёр бўлган дамламани бир маҳал бир стакандан ичилади. 
Тенг миқдорларда қоразира, кашнич уруғи ва седана майдаланади. Бу аралашманинг 60 грамми 200 грамм асал билан аралаштирилиб, боланинг катталигига қараб, бир чой қошиқ ёки бир десерт қошиқдан 2-3 ҳафтада давомида эрталаб-кечқурун берилади.

Манба: Нортош Ўлжабоева.
«Халқ табобати хазинасидан жавоҳирлар» китоби.

(Visited 1 680 times, 6 visits today)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *